Bo'limsiz

Сариосиё туманида мактаб директори Сурхондарё вилояти ҳокими билан тортишган видео тарқалди

Сотрудник ОВД выводит Умиду Турсунову из зала. Фото: Кадр из видео

Пайшанба куни интернетда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори Умида Турсунова ўртасидаги можаро акс этган видео тарқалди.

Ҳодиса 26 июль куни Сариосий туманидаги 12-мактабда мактабларни 2023−2024 ўқув йилига тайёрлаш бўйича ўтказилган семинарда содир бўлганга ўхшайди. Чунки вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинган суратларда Умида Турсуновани кўриш мумкин, дейилади хабарда.

Видео бошида мактаб директори ҳокимдан нега уни ишдан бўшатганини сўрайди. Улуғбек Косимов «эплолмагани учун», деб жавоб беради. Кейинги диалог қуйидагича давом этади:

“— Қаердан биласиз менинг эплолмаганимни?

— Бутун дунёга шарманда бўлдингиз.

— Бутун дунёга Аҳмад Бобоев шарманда қилади. Ҳаммаси қўллаб-қувватлаяпти. У ерда нима бўлганини сиз қаердан биласиз? Муҳитни буздинг, дейди. Нима бузган муҳитни у ерда? Мактабнинг томорқасигача сотиб юборишяпти, шунча ёзяпмиз индамайди ҳеч ким. Аҳволини ўрганадиган одам йўқ. Ҳаммасининг тили бир буларнинг.

— Жим ўтиринг.

— Ие.

— Нима, ие.

— Ўзи 20 февралда келдим мен.

— Ҳаққингиз йўқ бу мактабда директор бўлиб ишлашга.

— Нима учун ҳаққим йўқ?

— Ҳаққингиз йўқ!

— Нима учун?

— Ҳаққингиз йўқ.

— Нима учун? Милтиқ бўлса, отиб ташланг! Милтиқни олинг-да, отиб ташланг. Бориб кўринг нима муаммо борлигини [мактабнинг]! Ҳаммасининг тили бир, бирга уюштиряпти судланган деб. Қаерда судландим? Қачон менинг судим бўлди? Олий суднинг ижроси бўлган куни у ерда менга зарар етказиляпти, мен судланишим керакми? Қани Ўзбекистонда ҳақиқат, адолат?! Судланган, деяпсиз, нима қилдим мен? Сиз уюштирдингиз, ишдан олдингиз-ку мени! Бугунги томошани ҳам сизлар уюштирдингларми? 28, 28! 28 ни расво қилган сиз билан Бобоев. Ўзимга қараяпман, милтиқ бўлса, отиб ташланглар!”

Залдаги одамлар уни тинчлантиришга ҳаракат қилишади. Умида Турсунова вилоят ҳокимига мурожаат қилар экан, унга нотўғри маълумотлар берилгани учун президентга мурожаат қилиб, ҳақиқатни айтишини таъкидлайди. Йиғилишдагилардан кимдир ундан зални тарк этишини сўраганида, мактаб директори ўз ўрнида ўтириб, ҳокимнинг нутқини охиригача тинглашини айтади. Шундан сўнг унинг ёнига ички ишлар органи ходими келиб, уни залдан олиб чиқиб кетади. У бинодан чиқар экан: «Ҳайф сиздай вилоят ҳокимига», — дейди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова вазиятни шахсан ўз назоратига олганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мактаб директори зудлик билан маъмурий қамоққа олинган (Элтуз 10 кунлик ҳибсга олингани, кейин эса озодликка чиққанидан кейин яна ҳибсга олингани ҳақида хабар берган).

Шу билан бирга, вазир таълим соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир шахс «ўзини тутиш маданияти билан барчага ўрнак бўлиши керак»лигини таъкидлади. Унинг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда норозиликка сабаб бўлди.

Кейинроқ вазир Умида Турсунова мактаб директори лавозимида ишлашда давом этишини аниқлаштирди. Умарова профессор-ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш мамлакатнинг энг муҳим вазифаларидан бири эканини эслатди.

Ярим тунда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг матбуот хизмати мактаб директори уйида эканини маълум қилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.