Савдо белгисидан ноқонуний фойдаланганлик учун жазо кучайтирилди
Ўзбекистон Президенти интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади. «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги қонунда қонунбузарликлар учун жарима солишнинг асослари ва тартиби кўрсатилган бутун бошли бўлим пайдо бўлди. Бу ҳақда Sputnik ёзади.
Шундай қилиб, патентланган саноат мулки объектини ўз ичига олган маҳсулотни рухсатсиз ишлаб чиқариш, фойдаланиш, олиб кириш, сотиш ёки сақлаш тақиқланади. Бунинг учун юридик шахс юздан икки юзгача базавий ҳисоб миқдори (БҲМ) жаримага тортилади.
Худди шундай ўзгартириш “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида ”ги қонунга ҳам киритилди.
Товар белгисидан ноқонуний фойдаланган, маҳсулотнинг келиб чиқиш жойини нотўғри кўрсатган ёки унинг номи бошқасига жуда ўхшаш компаниялар юздан икки юз БҲМгача жаримага тортилади. Компания номидан ноқонуний фойдаланганлик учун шунга ўхшаш миқдорни тўлаш керак бўлади – бу тегишли қонунда назарда тутилган.
Агар қоидабузар бир ой ичида жариманинг 70 фоизини тўласа, қолган суммани тўлашдан озод қилинади.
Қонун 2022 йил 3 майдан кучга киради.
Шарҳлар