Сайхунободда Мирзиёев раислигида видеоселектор бошланди
Сирдарёнинг Сайхунобод туманида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беряпти.
Давлат раҳбари нега айнан шу туманга келганини изоҳлаган.
Сайхунобод аҳолиси яхши яшашга, даромадли бўлишга, болаларини ўқитишга интилаётгани, лекин тумандаги оғир иқтисодий аҳвол бунга тўсқинлик қилаётгани қайд этилган.
Тадбиркорлик, бандлик, камбағалликдан чиқаришга катта-катта маблағлар ажратилаётганига қарамай, Сайхунободдаги 19 та маҳаллада яшайдиган 83 минг аҳолини қанчасига бу имкониятлар етиб бораяпти, деган савол очиқ қолмоқда.
Шунинг учун бугунги йиғилиш томорқа ва уй хўжаликларини ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишда нафақат Сайхунобод, балки бутун мамлакатимиз учун туб бурилиш ясайди,- дея таъкидланган.
Жойлардаги ва республика даражасидаги раҳбарлар Сайхунободдаги аҳволни яхшилашга эътибор қаратмагани, пастга тушиб ишламагани, фақат йиғилиш ўтказиш билан чеклангани танқид қилинди.
«Мисол учун, туманда 2 минг 400 та ишсиз бор, камбағаллик даражаси – 14 фоиз, маҳаллий бюджет тушуми 27 миллиард сўм, харажати 67 миллиард сўм. Бир сўз билан айтганда, Сайхунободда тадбиркорлик ўсмаяпти, Янги Ўзбекистон нафаси сезилмаяпти», – деган давлат раҳбари.
Шу боис, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, Сайхунобод тумани ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, ўрнига замонавий раҳбарлар қўйилди.
Шарҳлар