Шу йил 16,7 млн тонна цемент ишлаб чиқариш режалаштирилган

Фото: smart.market.uz

2024 йил якунигача 8 млн тонна йирик цемент ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади ва республика бўйича жами қувватлар қарийб 40,8 млн тоннага етказилади, деб хабар бермоқда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов.

Айни пайтда мамлакатда цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган 38 та корхона мавжуд бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 35,3 млн тоннага етказилган.

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг январь-апрель ойларида республика бўйича жами 4,8 млн тонна цемент ишлаб чиқарилган (ўсиш 119,3 фоиз).

“Энг кўп цемент мамлакатдаги йирик корхоналардан бири “Қизилқумцемент” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, январь-апрель ойларида жами 738 минг тонна маҳсулот харидорларга етказилган. Ундан кейинги ўринларда “Сhina Energy International Group Samarkand Cement” МЧЖ ХК, “Хуаксин Цемент Джизак” МЧЖлари ўрин олган. Улар томонидан жами 1 млн 166 минг тонна цемент ишлаб чиқарилган”, – дейилади хабарда.

Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда мавжуд корхоналар томонидан жами 16,7 млн тонна цемент ишлаб чиқариш режалаштирилган. Жорий йилнинг ўтган даврида биржа савдоларида сотилган 1 млн 756 минг тонна цемент истеъмолчиларга етказиб берилган.

 

 

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.