Сенат 2024 йил учун «Давлат бюджети»ни янги йилга 11 кун қолганида маъқуллади
Сенатнинг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди. Қонун билан илгари тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 3,0 фоиздан 5,5 фоизга ўзгартирилмоқда. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар беряпти.
«Шунингдек, юзага келган қўшимча харажатларни қоплаш мақсадида Қонунда 2023 йил учун Ҳукумат номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд АҚШ доллардан 5,5 млрд АҚШ долларга ўзгартирилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг устувор топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари қўшимча харажатлар ҳисобига оширилмоқда», – дейилади хабарда.
Хусусан, 2023 йил 1 январдан янги ташкил этилган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг йил бошида тасдиқланган харажатлари қўшимча маблағ ажратилиб, ушбу маблағлар болаларни озиқ-овқат билан таъминлашга, умумий ўрта таълим муассасаларини Финляндия тажрибаси асосидаги янги авлод дарсликлари билан таъминлашга, мактабгача таълим ташкилотлари сони ортиши ҳисобига Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия учун харажат қилиниши кўзда тутилган.
«Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг йил бошида тасдиқланган харажатларига қўшимча равишда маблағлар қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари томонидан етиштирилган ва аҳолига сотилаётган маҳсулотлар учун субсидиялар учун йўналтирилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг йил бошида тасдиқланган харажатларига қўшимча равишда маблағ ажратилмоқда ва айрим харажатларни махаллий бюджетлар, вазирлик ва идораларга қайта йўналтириш кўзда тутилмоқда», – дейилган.
Хусусан, нафақа олувчи оилалар сони 2,1 миллиондан ошганлиги (йил бошида 1,5 млн бўлган) ҳисобига ижтимоий нафақалар учун харажатларга қўшимча 1 трлн 808 млрд сўм ажратилмоқда.
Шу билан бирга давлат ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик асосида кўмир ёқилғисига ўтказиш ва модернизация қилиш билан боғлиқ харажатларга 500 млрд сўм ажратилмоқда.
Сенаторлар 2023 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга киритилаётган барча ўзгаришлар мамлакатимиздаги долзарб муаммоларни ҳал этишга ва уларни маблағ билан таъминлашга қаратилганлигини қайд этиб, ушбу Қонунни маъқулладилар.
Шарҳлар