Сенат: 3 йилда 2 минг 72 нафар шахс ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган

Foto; Oliy Majlis senati

Кейинги йилларда болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар сони ортиб бормоқда. Мавжуд ҳуқуқий механизмлар унинг олдини олиш ҳамда жабрланувчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда етарли самара бермаяпти.

Охирги 3 йилда 2 минг 72 нафар шахс судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Шундан 1 минг 777 нафари, яъни 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортганлиги учун жавобгарликка тортилган.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди.

Мажлисда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан ушбу қонун юқоридаги каби салбий ҳолатларга барҳам беришига ишонч билдирилди. Чунки қонунда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилган.

“Қонун билан ота-оналар масъулияти яна бир карра оширилади. Жумладан, ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилмоқда”, – дейилади хабарда.

Муҳокама жараёнида ушбу қонуннинг қабул қилиниши болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланишига хизмат қилиши таъкидланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.