Сенат Anhor.uz сўровларига жавоб бермаяпти
Олий Мажлис Сенати Anhor.uz сайтининг иккита сўровига қонунда белгиланган муддат – 7 кун ичида жавоб бермади.
17 июл куни таҳририят Олий Мажлис Сенатига Тошкент шаҳридаги ер усти пиёдалар ўтиш жойларидаги эскалаторлар ишламаётгани юзасидан қуйидаги саволлар билан мурожаат юборди:
2023-йил декабрь ойида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбоева Муқимий ва Абдулла Қодирий кўчаларидаги лифтлар ишламаслиги, Муқимий ва Лутфий кўчалари кесишмасидаги иккита ер усти пиёдалар ўтиш жойларида, Шота Руставели кўчасидаги ерусти пиёдалар ўтиш жойида лифт ва эскалаторлар йўқлигини таъкидлаган эди. Танзила Нарбоева ҳукумат, Кончилик, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасидан Тошкент ҳокимлиги билан биргаликда ушбу масалани назоратга олишни сўраган. Олти ойдан ортиқ вақтдан кейин бу иш қандай кетмоқда? Лифт ва эскалаторлар мавжуд бўлмаган жойларда ўрнатиладими?
Anhor.uz журналисти ушбу чорраҳаларни кузатиб, эскалатор фақат биттасида ишлаётганини, кўплаб ер усти ўтиш жойларида лифтлар ишламаслигини аниқлади. Бу масалага қандай изоҳ бера оласиз?
2024 йил 6 август ҳолатига кўра, таҳририят ушбу саволларга, шунингдек, 2024 йил 26 июлдаги сўровга жавоб олмаган:
Ўзбекистонда контрабанда ва контрафакт маҳсулотларга қарши курашнинг самарали тизимини ишлаб чиқишда қонун чиқарувчи ва назорат қилувчи органларга нима этишмаяпти. Нима учун яхши қонунчилик базаси ушбу тизимларни тўлиқ тартибга сола олмаяпти?
Тамаки контрабандасининг олдини олиш бўйича давлат ва жамоат миқёсида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Лекин уларнинг амалда ёмон ишлашининг сабаби нимада?
Парламентнинг юқори ва қуйи палаталарида алкогол ва тамаки маҳсулотларини тартибга солиш борасидаги ишлар қанчалик тизимли йўлга қўйилган?
Мамлакатга контрабандани олиб ўтиш ва қўлга олиш бўйича парламентнинг охирги тадқиқоти қачон ўтказилган?
“Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида назарда тутилган тизимли ишларни ташкил этиш юзасидан назорат ва эшитувлар қачон амалга оширилади? Ваколатли органлар бу борадаги ишлар юзасидан Олий Мажлис олдида ҳисобдорми?
Шарҳлар