Сенат норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Фото: Сенат

Сенат “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади. У  коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш нафақат Адлия вазирлиги томонидан, балки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, юридик хизмат ходимлари ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш ўз зиммасига юклатилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳам амалга оширилишини кўзда тутади.

Бугунги кунга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш қонун билан эмас, балки Адлия вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланган низом асосида тартибга солинарди. Бу эса, қонунчилик ҳужжатларида коррупциявий бўшлиқларнинг юзага келишига замин яратарди.

Мазкур Қонун соҳадаги муаммоларни бартараф этиш ва уни тартибга солишга ёрдам беради.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситаларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ҳуқуқи берилмоқда.

Эътиборли жиҳати жамоатчилик томонидан тақдим этилган таклиф ва тавсиялар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий равишда кўриб чиқилади.

Қонун кучга кириши учун у президент томонидан имзоланиши керак.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.