Сенат пойтахтдаги ер усти пиёдалар ўтиш жойларидаги лифт ва эскалаторлар ишламаётганлигига эътибор қаратди
Сенаторлар аҳолини қийнаётган муаммоларни кўтаришда давом этиб, Сенатнинг 48-ялпи мажлисида Тошкент шаҳри йўлларидаги ер усти пиёдалар ўтиш жойларидан (кўприклар)да лифт ва эскалаторлар ишламаслиги туфайли пиёдалар, айниқса кексалар, ҳомиладорлар, ёш болалилар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар турли қийинчиликларга дуч келаётганига тўхталди.
«Хусусан, Муқимий («Новза» метро бекати), Абдулла Қодирий кўчаларидаги кўприкларда лифт ва эскалаторлар ишламаслигини, Муқимий ва Лутфий кўчалари кесишмасидаги 2 та кўприк ва Шота Руставели кўчасидаги кўприкда лифт ёки эскалаторнинг ўзи йўқлиги алоҳида таъкидланди. Мазкур масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги вакилларининг изоҳлари эшитилди», – дейилади хабарда.
Кўприклар аҳолига қулайлик яратиш учун қурилганлиги инобатга олиниб, ушбу муаммоларни ҳал этиш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа тегишли ташкилотларга вазифалар юкланди.
Муҳокамалар давомида ушбу масала Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси назорати остида бўлиши алоҳида таъкидланди.
Шарҳлар