Сенат раисининг ўринбосари: «Янги Конституция қабул қилинса, амалдаги президент яна сайловларда қатнашиши мумкин»

Источник: Международный пресс-клуб

Агар янги Конституция қабул қилинса, ҳамма қатори президент Шавкат Мирзиёевга ҳам сайловларда қатнашиш имкони яратиб берилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилди, деб ёзади «Газета» нашри.

Журналист конституциявий ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, ижтимоий тармоқларда кўпчилик асосий қомусга ўзгартиришлар киритишдан асосий мақсад президент ваколат муддатларини узайтириш экани ҳақида гапираётганини таъкидлади.

Ушбу саволга жавоб берар экан, сенатор Конституцияга ўзгартишлар киритиш кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмаслигини қайд этди.

«Янги Конституция қабул қилинса, у албатта барча фуқаролар учун, шу жумладан бугунги президентимиз учун ҳам янги конституция бўйича сайловларда иштирок этишга имконият яратиб беради. Президентимиз бу имконият ва ҳуқуқдан фойдаланадими, фойдаланмайдими, бу биринчи навбатда ушбу шахсга ҳавола. Бу шахсни кўрсатадиган сиёсий партияга ҳавола. Лекин бу ҳақ-ҳуқуқ у кишида бўлади. Бу — халқаро тажриба, янги конституциями, янги ҳуқуқий макон яратилди ва бу янгиланади», — таъкидлади Содиқ Сафаев.

«Шахсан, менинг фикримни сўрасангиз, тажрибадан келиб чиқиб ва халқаро вазиятни таҳлил қилган инсон сифатида шуни айтишим керакки, бугун биз бир ниҳоятда таҳликали дунёда яшаяпмиз. Кундан кунга мураккаблашиб кетяпти. Шу жумладан бу мамлакатимиз учун ҳам салбий асоратларини кўрсатмасдан иложи йўқ. Лекин шунга қарамасдан биз ислоҳотларни давом эттиришимиз керак. Мен аминманки, бу ислоҳотларни бошлаган инсонда уни охиригача етказишга имконият бўлиши керак. Буни мен ким билан хоҳласангиз ва қаерда хоҳласангиз баҳс қилишим мумкин», — дейди сенатор.

Сенат раҳбарининг биринчи ўринбосари сўнгги беш йилда «давлат раҳбари, президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев қандайдир ҳокимиятга тиш-тирноғи билан ёпишиб олган сиёсатчи эмас»лигини кўрсатганини таъкидлади.

Содиқ Сафоевнинг сўзларига кўра, охирги беш йилда Ўзбекистонда ҳам ички сиёсат, ҳам ташқи сиёсатда қилинган ишлар мисолида дунёда энг йирик давлатлар томонидан Шавкат Мирзиёев янги формациядаги лидер сифатида эътироф этилмоқда.

«Бу — мамлакатимизнинг, халқимизнинг катта ютуғи ва далдаси десак бўлади, буни йўқотишга ҳаққимиз йўқ. Бугунги таҳликали дунёда айнан дунё томонидан эътироф этилган лидер Ўзбекистонга йўлбошчи бўлиши бу халқимиз учун керак», — таъкидлади Сафоев.

Сенатор пандемия давридан мисол келтирди. «Ниҳоятда мураккаб, оғир вазият, йирик ва бақувват давлатларда инқироз чуқур тус олганда, айнан Ўзбекистонда бутун халқни жипслаштириб, барча қатламларни, нодавлат ташкилотларни ҳукумат билан биргаликда бир ёқадан бош чиқариб, шу офатдан олиб чиқиб кетилишида президентимизнинг роли катта бўлган», — дея қайд этди у.

«Яна бир бор айтмоқчиман, башарти янги Конституция қабул қиладиган бўлсак, бу биз учун янги имкониятлар яратади. Ислоҳотларимиз ва олиб борилаётган сиёсатларимиз давомийлиги ва изчиллигини таъминлаш биз учун муҳим масала. Бу эса президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг номи билан боғлиқ. У киши қандай қарор қабул қиладилар, билмайман, шахсан мен шу давомийликни таъминлашнинг тарафдориман», — деди у.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.