Сенат тиббий ходимлар фаолиятига тўсқинлик қилиш учун маъмурий жавобгарликни жорий этишни маъқуллади

Источник: senat.uz

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунни маъқулланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар беради.

Сўнгги вақтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бораётганлиги, бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек, ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бераётганлиги қайд этилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда. Бунда ушбу ноқонуний фаолиятни амалга оширган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси киритилмоқда.

2019 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимларига қилинган тажовузларни жиноий жавобгарликка тортишни таклиф қилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган лойиҳада фуқароларнинг шифокорларга қилган тажовузларини оғирлаштирувчи ҳолатлар билан безорилик сифатида малакалаш қилиш назарда тутилганди. Ушбу модданинг энг юқори жазоси 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

“Амалдаги жиноий қонунчиликда ўз хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига ҳужум қилиш ва уларга тан жароҳати етказиш учун нисбатан енгил жазо белгиланган”, – деганди ўшанда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг юридик бошқармаси бошлиғи Руслан Муҳаммадиев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.