Сенатнинг ялпи мажлисида Меҳнат кодекси кўриб чиқилади
10 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисини 2022 йил 17 март куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Видеоконференцалоқа шаклида икки кун давомида бўлиб ўтадиган ялпи мажлис доирасида бир қатор масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган, дея хабар беради Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати.
“Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги, “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги, “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитади.
Ялпи мажлисда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилади.
Шарҳлар