Bo'limsiz

Сенатор: Ўзбекистондаги янги қурилган уйларда 400 га яқин носоз лифтдан фойдаланилмоқда

Фото: onf.ru

Ўзбекистондаги янги қурилган кўп хонадонли уйлардаги қарийб 400 га яқин лифт ускуналарида аниқланган камчиликлар бартараф этилмасдан фойдаланиб келинмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг 43 ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмита раиси Қутбиддин Бурханов маълум қилди.

18 июнь куни Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани «Янги Дархон» маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг лифтида юзага келган носозлик оқибатида 11 нафар фуқаро жабр кўрганди. Бурхановнинг маълум қилишича, шундан сўнг қўмита томонидан мамлакатдаги лифтларнинг ҳолати ҳамда улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя қилиниши аҳволи ўрганилган. Натижада бу борада қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлиги аниқланган.

«Биринчидан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси зиммасига кўп квартирали уйлардаги лифтларнинг техник ҳолати белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг давлат экспертизасидан ўтказилган ҳолда ўрнатилишини назорат қилиш, носоз лифтлардан фойдаланишни тақиқлаш чораларини кўриш каби қатор вазифалар юклатилган. Бироқ, бу вазифаларни амалга ошириши учун инспекция зарур ваколатларга ва етарли мутахассисларга эга эмас», — деди сенатор.

Таъкидланишича, янги қурилган кўп хонадонли уй-жойларни давлат ҳайъати қабул қилиш комиссияси таркибига инспекция киритилмаган. Оқибатда мутахассисларнинг тегишли хулосаси олинмасдан, яъни лифт қурилмалари белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинмасдан ҳамда хавфсизлик томонидан кўрикдан ўтказилмаган тарзда лифтлар фойдаланишга топширилмоқда. Жумладан, мамлакатдаги янги қурилган кўп хонадонли уйлардаги қарийб 400 га яқин лифт ускуналарида аниқланган камчиликлар бартараф этилмасдан фойдаланиб келинмоқда.

Иккинчидан, ҳозирги тартибга мувофиқ, кўп хонадонли уйларда ўрнатилган лифтларнинг техник ҳолатини назорат қилиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқ функциялар амалда иккита давлат органи — ҳам Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, ҳам Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилиши белгиланган.

«Аслида бу икки тузилма ҳам ўз вазифаларини тўлақонли бажара олиш имкониятига эга эмас. Хусусан, мамлакатимиздаги жами 4 мингдан зиёд кўп қаватли уйларда қарийб 11 мингдан ортиқ лифтлар мавжуд. Тегишли меъёрий техник ҳужжатлар талабига мувофиқ улар ҳар ойда техник кўрикдан ва 12 ойда бир мартда тўлиқ техник синовдан ўтказилиши зарур. Ҳолбуки, ҳар иккала инспекциянинг ана шу биргина вазифани амалга ошириш учун ҳам моддий-техник, ташкилий ва бошқа имконияти йўқ. Оқибатда қонунчиликда, жумладан Ҳукумат қарорларида белгиланган муҳим қоидаларнинг ижроси таъминланмаяпти», — деди сенатор.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 июндаги қарорига асосан 2021−2023 йиллар оралиғида жами 1685 та лифт ускуналари таъмирланиши ва янгисига алмаштирилиши режалаштирилган. 2023 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 1222 та лифт таъмирланган ва янгисига алмаштирилган.

“Қолган 463 тасини белгиланган муддатда таъмирлаш ёки алмаштириш эса турли сабабларга кўра шубҳа остида қолмоқда”, — деди қўмита Бурханов.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.