Сенаторлар 2023 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Источник: senat.uz

Сенаторлар 36-ялпи йиғилишда “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунни маъқуллади, унда Ўзбекистон Республикаси Консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2024–2025 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланган.

Таъкидланганидек, Қонунга кўра, 2023 йилда мамлакатимиз иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 5,3 фоизни ва истеъмол нархлари индекси 2022 йилнинг декабрь ойига нисбатан 9,5 фоиз миқдорида бўлишидан келиб чиқиб, Давлат бюджети параметрлари ҳисоб-китоб қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Консолидациялашган бюджетининг даромадлари 2023 йилда 310,7 трлн сўмни ҳамда харажатлар 343,2 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Қонун билан 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси ҳукумати) номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд АҚШ доллари миқдорида этиб белгиланмоқда.

2023 йилги Давлат бюджети харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар билан бирга) 257,7 трлн сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,1 фоизни ташкил қилмоқда.

Аввалроқ «Газета. uz» нашри Қонунчилик палатаси Ўзбекистоннинг 2023 йилги давлат бюджетини 3 соатдан кам вақт ичида (учта ўқишнинг умумий вақтини сарҳисоб қилганда) муҳокама қилиб, тасдиқлагани ҳақида ёзган эди. Қонун лойиҳасининг ўзи бир неча кун олдин палатага киритилган ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган. Ҳужжат деярли бир овоздан ва танқидсиз қабул қилинган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.