Сенаторлар креатив иқтисодиёт тўғрисидаги қонунни мақуллади

Фото: senat.uz

Олий Мажлис Сенатининг эллик саккизинчи ялпи мажлисида “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги Қонун маъқулланди. Мазкур Қонун билан креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилиб, унда креатив иқтисодиёт соҳалари сифатида 15 та йўналиш белгиланмоқда.

Ҳужжатда креатив иқтисодиёт бўйича давлат сиёсатининг амалга оширилиши механизми, Вазирлар Маҳкамасининг, вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг соҳага оид ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.

Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши ташкил этилиши, ушбу кенгаш жамоатчилик асосида фаолият олиб борадиган маслаҳат органи ҳисобланиши назарда тутилмоқда.

Қонун асосида креатив иқтисодиёт учун зарур инфратузилма яратиш ва қўллаб-қувватлаш механизмлари, хусусан, креатив индустриялар парки ва кластерлари, рақамли платформалар, арт-резиденциялар, креатив индустрия марказлари, инновацион ускуналар ва технологиялар, рақамли дастурлар ва платформалар  яратилиши ҳамда креатив индустриялар паркининг вазифалари белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Қонун асосида ички ва ташқи бозорларда креатив индустрия соҳаларидаги лойиҳаларни яратиш, ишлаб чиқариш ва илгари суриш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилиши ҳамда ушбу жамғармалар маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари белгиланмоқда.

Креатив индустрияларининг республика иқтисодиётига ҳиссасини аниқлаш мақсадида статистик кўрсаткичларини шакллантириш ҳамда креатив иқтисодиётни ривожлантиришда миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳисобга олиш, маданий меросни асраш Қонун даражасида белгиланмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.