Сенаторлар Ўзбекистонда байроқдан фойдаланишга қўйилган талабларнинг юмшатилишини маъқуллади
Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонунни маъқуллади. Амалдаги қонун бир нечта янги нормалар билан тўлдирилмоқда.
Хусусан, ушбу Қонун билан Давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия ва маданий тадбирларда, расмий халқаро тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида ҳамда бошқа ҳолларда ҳурматни таъминлаган ҳолда байроғимиздан фойдаланиш мумкинлигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, байроқ тасвири туширилган белгилардан фойдаланишда ҳам аҳолига кенг имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, байроқдан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт воситаларининг салонида, расмий халқаро тадбирларда, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахсларнинг кийим-бошида ва фарқловчи нишонларида, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийим-бошини тайёрлашда фойдаланиш мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда ёхуд уларни таҳқирлаш ҳисобланадиган бошқача тарзда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.
Сенат аъзолари томонидан Қонун муҳокамаси жараёнида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Давлат байроғидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ҳамда аҳоли, айниқса ёшларининг ўз юртига нисбатан меҳр-муҳаббат, фахр-ифтихор туйғуларининг ва ватанпарварлик ҳиссининг янада ошишига, энг муҳими, халқимизнинг байроқ билан янада яқинроқ муносабатда бўлишига хизмат қилиши қайд этилди.
Шарҳлар