Шаҳноза Мирзиёева Диёра Келдиёровага бирга ишлашни таклиф қилди
Шаҳноза Мирзиёева Диёра Келдиёровага Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда бир қанча лойиҳаларни биргаликда амалга оширишни таклиф қилди.
Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Франция пойтахти Парижда Олимпиада чемпиони бўлган дзюдочи қиз Диёра Келдиёрова билан учрашиб, уни шахсан табриклади.
“Ёзги Олимпия ўйинларидаги оламшумул ғалабаси билан Диёра Келдиёровани ўзим ва оилам номидан қутладим. Ватандошларимиз уни бежиз Тўмарисга, Ойбарчинга ўхшатишаётгани йўқ. Чунки у нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақасида Олимпиада чемпиони бўлган илк дзюдочи аёл сифатида спорт тарихи саҳифаларидан жой олди”, – деб ёзди у.
Шаҳноза Мирзиёеванинг билдиришича, Диёра Келдиёровага Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда оилаларда аёлларга нисбатан учрайдиган зўравонликка, жамиятдаги гендер ҳақсизликка қарши қаратилган бир қанча лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, шу лойиҳаларнинг юзи ва иштирокчиси бўлишни таклиф қилди. Диёра унинг таклифини мамнуният билан қабул қилди.
“Сиз билан фахрланамиз, Диёра!” – деб ёзган Шаҳноза Мирзиёева сўзининг сўнгида.
Шарҳлар