Шаҳрисабз аэропортида фуқаро авиацияси ишга туширилади
Шаҳрисабз аэропортида фуқаро авиацияси қабулхонаси ташкил этилади. 1 январдан Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва водий вилоятларига маҳаллий рейслар кўпайтирилади. Бу ҳақда Президент раислигида Қарши шаҳрида бўлиб ўтган йиғилиш якунларида маълум қилинди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
“Тошкент-Қарши” йўналиши бўйича қатновлар сони ҳафтасига 2 мартадан 7 мартагача оширилади. Натижада авиачипталар нархи 2 баробар арзонлашиши, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқими 3 баробар ошиши мумкин.
Вилоятга автомобилда боришни осонлаштириш мақсадида Тахтақорача довонидан ўтиш учун талаблар юмшатилади. Келгуси йилда довонда янги туннел ва йўл қурилиши бошланади. Самарқанд ва Шаҳрисабзни боғловчи 30 километрлик йўл, Ғузор-Бухоро йўлининг 100 километрлик қисми таъмирланади.
Умуман олганда, келгуси йилда хорижлик сайёҳлар сонини 500 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.
Шарҳлар