Шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига фахрий унвон ва енгил автомобиллар топширилди
44-Жаҳон шахмат олимпиадасидаги ғалаба учун Ўзбекистон эркаклар терма жамоасининг барча аъзолари «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланди. 10 август куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев шу ҳақдаги фармонни имзолади, деб ёзади «Фергана» нашри.
«Янги Ўзбекистон шон-шуҳратини бутун дунёга тараннум этиш йўлида ўзининг юксак интеллектуал салоҳияти ва профессионал маҳоратини яққол намоён этиб, Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон 44-шахмат олимпиадасида муваффақиятли иштирок этгани ва дунё давлатларининг 188 та жамоаси орасида ғолибликни қўлга киритгани» учун Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Вахидов, Шамсиддин Вохидов, Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Якуббоев фахрий унвон билан тақдирланди.
Чемпионлар мураббийлари – Владимир Эгин ва Иван Соколовга «Ўзбекистон Республикасида хизмат курсатган спорт устози» фахрий унвони берилди.
Олимпиадада 162 нафар шахматчи ўртасида 31-ўринни эгаллаган Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзолари ҳам мукофотларга сазовор бўлдилар. Мафтуна Бобомуродова, Маржона Маликова, Умида Омонова, Афруз Ҳамдамова, Нилуфар Ёқуббоева «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланди.
Шавкат Мирзиёев Тошкент архитектура-қурилиш институти талабалари билан учрашувда шахмат олимпиадасида ғолиб бўлган спортчиларга автомобиллар топширилишини маълум қилди.
«Чемпионларимизга яна қанақа совға беришни узоқ ўйладим. Мана, боксчиларимизга шундай катта пул мукофоти, машиналар бердик, шахматчиларимизга ҳам бермасак, адолатдан бўлмайди. Шу сабабли уларга машина ҳам совға қиладиган бўлдик. Ёш-ёш йигитларимиз уйига машина ҳайдаб борса, тасаввур қилинглар, бу ёшларимизга қандай катта мотивация бўлади», — дея президент сўзларини келтиради «Янги Ўзбекистон».
Шахматчилар 11 августга ўтар кечаси Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳридан ўз ватанларига қайтишди. Спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, уларни аэропортда тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Унда Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат аъзолари ва Тошкент шаҳри раҳбарияти иштирок этди. Чемпионларга 600 миллион сўмлик (454,5 минг) сертификат ва Equinox автомобиллари калитларини шахсан Бош вазир топширди. Мураббийларга 300 миллион сўмлик (27,2 минг доллар) сертификатлар топширилди.
Хурматли Хусан Худойқулович, бу ютуқларда ҳам сизнинг тиниб тинчимас меҳнатларингиз бор, ушбу ғалаба билан Сизни ҳам чин дилдан муракбод этаман. Жоҳон чемпионини берасиз!!!