Шаҳрисабзда Туризм кластери ташкил этилади
Президент бошчилигидаги йиғилишда, ўтган йил Самарқандда ўтказилган Глобал туризм инвестиция форумида 2,3 миллиард долларлик келишувларга эришилганлигига қарамасдан айрим лойиҳалар бўйича ишлар суст кетаётгани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Наманган, Андижон, Тошкент, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва пойтахтдаги лойиҳаларга ҳалигача ер танланмаган. Сирдарё ва Жиззахда хорижий ҳамкорларга бирорта лойиҳа таклиф қилинмаган.
«Шу билан бирга, ишлар тўғри ташкил этилган ҳудудларда натижа бор. Хорижий инвесторлар Шаҳрисабз тумани Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари орасида 3 минг гектарлик тоғ-чанғи комплексини ташкил қилиш, Мираки қишлоғида туризм зонасини барпо этиш ишлари бошланди», – дейилади хабарда.
Иқлими, табиати Шаҳрисабзга ўхшаш бўлган Оҳангарон, Ургут, Янгиқўрғон, Поп, Чортоқ, Бахмал туманлари ҳокимларида бу борада бирорта ташаббус йўқлиги танқид қилинди.
Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳри – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 2024 йилдаги туризм пойтахти деб эълон қилинган. Шу боис ҳукумат олдига Шаҳрисабзда туризмни ривожлантириш бўйича қатор вазифалар қўйилди.
Шаҳрисабз шаҳри ва Шаҳрисабз туманида Туризм кластери ташкил қилинади. Ҳисорак-Ғелон ва Ҳисорак-Сарчашма йўли икки тасмали қилиб таъмирланади.
Чироқчи-Шўрқудуқ автомобиль йўлининг 30 километри таъмирланиб, Самарқанддан Шаҳрисабзга қатнов вақти қисқаради. Натижада Шаҳрисабзга кўпроқ сайёҳни жалб қилиш имконияти яратилади.
«Шаҳрисабзда туризм кластерини ташкил этиш доирасида 2025 йилда Ғелондан ўтувчи Оқсу дарёсида қуввати 24 мегаваттли 3 та ГЭСни ишга тушириш режалаштирилган», – дейилган.
Бундан ташқари, Шаҳрисабз туризм техникумида Швейцария дастури асосида йилига 100 нафар мутахассис тайёрланади.
Умуман, мутасаддилар ва вилоят ҳокимларига туризм салоҳияти юқори 20 та туманни танлаб олиб, Россия, Туркия, Хитойдан маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда ушбу туманлар мастер режасини ишлаб чиқиш ва ҳар бирига камида 50 миллион долларлик инвестиция жалб қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Шарҳлар