Шакар нархи ошиши ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирилди
Ижтимоий тармоқлар ва айрим информацион сайтларда Россия Федерацияси томонидан шакар экспортига 2024 йил 31-августгача тақиқ жорий этилиб, Ўзбекистонга шакар етказиб беришни тўхтатиши, бу эса республика ички бозорида шакар нархининг қимматлашувига олиб келиши бўйича тарқатилаётган хабарлар юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Ўзбекистонда шакар маҳсулотига бўлган йиллик талаб ўртача 650-700 минг тоннани, шундан аҳоли истеъмоли учун (аҳоли сони 36,8 млн киши, тиббий меъёр бўйича 1 кишига 9,1 кг/йил) 335 минг тоннани ва озиқ-овқат саноати корхоналари талаби учун 300-350 минг тоннани ташкил этади.
Республикада фаолият юритаётган 2 та: “Ангрен Шакар” ва “Хоразм Шакар” МЧЖ шакар ишлаб чиқариш корхоналарининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 900 минг тоннадан кўп бўлиб, бу ички бозорни талабидан ортиғи билан таъминлашга етарли. Ушбу корхоналар томонидан 2023 йилда 600 минг тоннадан зиёд шакар ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, 2023 йилда шакар импорти 150 минг тоннани ташкил этиб, нафақат Россиядан, балки Покистон, Қозоғистон, Тайланд, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан ҳам шакар импорт қилинмоқда.
Россия Федерацияси томонидан шакар экспортини чеклаш Ўзбекистоннинг ички бозорида танқисликни келтириб чиқармайди, чунки республикадаги йирик шакар ишлаб чиқарувчи заводларнинг фаолияти Россия билан боғлиқ эмас ва 2023 йилда хом-ашё, асосан, 762 минг тонна миқдорида (шакар чиқиши 98 фоиз) Бразилия ва Ҳиндистондан импорт қилинган.
Бугунги кунда (5 апрел ҳолатига) ички бозорда шакарнинг чакана нархи ўртача 13,8 минг сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 2,8 фоизга ошган. Шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар маълумотига кўра, бугунги кунда етарли (4 ойлик савдо учун) шакар ва шакар хом-ашёси захираси мавжуд.
Шарҳлар