Бу йилги “Шарқ тароналари” фестивали Регистон майдонида ўтказилмайди
Жорий йилнинг 25-30 август кунлари Самарқандда “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали ўтказилади.
ЎзА ёзишича, бу йилги фестиваль Регистон майдонида эмас, балки айни чоғда Самарқанднинг янги туризм масканига айланаётган халқаро туристик марказдаги “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтказилади.
– Кўпчиликда нима учун Регистонда эмас, деган савол туғилиши шубҳасиз, – дейди режиссёр Шамсиддин Усмонов. – Бунинг асосий сабаби юртимизнинг бебаҳо маданий мероси ҳисобланмиш Регистон ансамблини асраб-авайлаб, келажак авлодга етказишдан иборат. Ҳеч кимга сир эмас, фестивалга тайёргарлик ва бевосита тадбирлар жараёнида турли транспорт воситалари, овоз кучайтиргич ва бошқа техник қурилмалардан фойдаланишга тўғри келади ва бу тарихий обидаларимизга зарар етказиши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда янги марказда ташкил этишга келишилди. Бу ерда ҳам ўзига хос миллий, тарихий муҳит яратилган. Айни пайтда фестивалнинг очилиш маросимига тайёргарлик жараёнларини олиб боряпмиз.
Жорий йилги мусиқа фестивалида иштирок этувчиларни аниқлаш бўйича тегишли ташкилотлар билан биргаликда хорижий мамлакатларга таклифномалар юборилди. Бугунги кунга қадар 130 давлатдан жавоб хатлари келиб, ўз таклифларини билдирди. Бундан ташқари, яқин кунларда маҳаллий иштирокчиларни аниқлаш мақсадида ички танлов ўтказилади.
Шарҳлар