“Шарқ тароналари” фестивали бу йил ҳам Регистон майдонида ўтказиладиган бўлди
Самарқандда “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали анъанага мувофиқ, бу йил ҳам Регистон майдонида ўтказилади. Бу ҳақда Маданият вазири Озодбек Назарбеков «Газета.uz»га маълум қилди.
«Халқимиз орасида маданий мерос нуқтаи назаридан фестивалнинг Регистон майдонида ўтказилишига нисбатан кўп эътирозлар билдирилади. Шу сабабли ҳам бу сафар фестиваль бўлиб ўтадиган жойни ўзгартирмоқчи бўлдик. Лекин бу орқали шунча йиллик фестивалнинг нуфузи тушиб кетаркан, кўплаб хорижий давлатлардаги иштирокчилар бу йил «Шарқ тароналари»да қатнашиш фикридан ҳам қайтди. Чунки «Шарқ тароналари»нинг асл бренди бу — Регистон, фестивалнинг мазкур майдонда ўтказилиши ҳамма учун қизиқ. Экспертлар Регистон майдонини ўрганиб, ўзларининг талаблари ва хулосаларини берди. Уларнинг талаблари асосида жорий йилги фестивални Регистонда ўтказишга қарор қилдик», — деди вазир.
Унинг қўшимча қилишича, жорий йил фестивалда дунёнинг 70 га яқин мамлакатидан 300 нафардан зиёд вакил: санъаткорлар, олимлар, соҳа мутахассислари қатнашиши кутилмоқда.
Фестиваль ЮНEСКО шафелигида 26—30 август кунлари ўтказилади. Аввалроқ бу йилги фестиваль Регистон майдонида эмас, балки айни чоғда Самарқанднинг янги туризм масканига айланаётган халқаро туристик марказдаги “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтказилиши хабар берилган эди.
Шарҳлар