Шартномасиз ижарада турган биринчи курс талабаларига икки ойлик тўловнинг бир қисми компенсация қилинади
Ижарада истиқомат қилувчи 1-курс талабалари учун ижара шартномасини тузмасдан сентябрь-октябрь ойлари учун ижара ҳақининг бир қисми компенсация қилинади. Бу ҳақда Ёшлар ишлари бўйича агентлик директори Алишер Саъдуллаев маълум қилди, деб ёзади « Газета.uz».
Талабаларга ижара ҳақининг 50 фоизи (лекин Тошкент шаҳрида 300 000 сўмдан, бошқа вилоятларда 150 000 сўмдан кўп бўлмаган) компенсация қилинади.
Ноябрь ойидан бошлаб ижара ҳақининг бир қисмини тўлаш ишлари фақат ижара шартномасини тақдим этган талабалар учун давом этади.
Ойлик ижара ҳақининг бир қисми ижарада яшовчи давлат олий ўқув юртлари талабаларига қоплаб берилади. Кундузги таълим талабаси бўлиш ва солиқ органлари томонидан рўйхатга олинган кўчмас мулк ижараси шартномасини тақдим этиш мажбурий шарт ҳисобланади.
Компенсация олиш учун талаба ўзи таҳсил олаётган факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўлими декан ўринбосарига ёки университетнинг талабаларни уй-жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига ҳужжатларни тақдим этиши керак.
Ўтган йили амалга оширилган бундай чора-тадбирларга қарамай, янги ўқув йилининг биринчи курс талабалари ётоқхонада ўринлар етишмаслиги сабабли ҳамон қийинчиликларга дуч келишмоқда. Талабаларга уй-жойни ижарага берадиган квартираларнинг эгалари ижара шартномасини тузишни хоҳламайди, шунинг учун улар компенсациядан фойдалана олмайди.
Шарҳлар