Шавкат Мирзиёев 2024 йилда Самарқанд иқлим форумини ўтказишни таклиф қилди
Ўзбекистон Президенти 18 октябрь куни Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форумининг очилиш маросимида ва унинг “Яшил ипак йўлини инсон ва табиат аҳил яшаши манфаатлари йўлида биргаликда қуриш” мавзуидаги ялпи мажлисида иштирок этди. ”, – дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Марказий Осиёда «яшил» ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида фикр алмашиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида Ўзбекистон раҳбари 2024 йилда Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
– Умид қиламизки, ушбу форум барқарор ривожланиш йўлидаги глобал хавф-хатарларга жавоб топиш учун “Келажак учун – Самарқанд мулоқоти”ни ташкил этишда амалий қадам бўлиб хизмат қилади, – деди президент.
Ўзбекистон етакчиси Хитой ва “Макон ва йўл”нинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ва шерикликни ривожлантириш бўйича ўз таклиф ва фикрларини билдирди.
Муҳим вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламдаги ”Яшил” тараққиёт дастури”ни ишлаб чиқишни таклиф қилди, у иқтисодиёт тармоқларини “яшил” тараққиёт талаблари асосида трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, “яшил” саноат қувватларини ишга тушириш, камбағалликни қисқартириш ва “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни ўз ичига олади.
Президент Хитойнинг етакчи компаниялари билан биргаликда ва бошқа хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда, “яшил технологиялар”ни кенг жорий қилиш асосида саноат соҳасида ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дастурларни амалга ошириш учун Оролбўйи минтақасида Махсус намунали технологик паркни ташкил этишга тайёрликни билдирди.
Давлат раҳбари Ўзбекистонда “Яшил” молиялаштириш” жамғармасини таъсис этишни таклиф қилди. Ушбу жамғарма кам углеродли иқтисодиёт ва “тоза” технологияларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш учун молиявий ресурсларни сафарбар қилишнинг таъсирчан воситасига айланади.
Ўзбекистон етакчиси “Макон ва йўл” дастурида иштирок этаётган мамлакатларни “яшил” маҳсулотлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосидаги чеклов ва тўсиқларни камайтиришга чақирди.
Шавкат Мирзиёев “яшил” энергияга ўтиш бўйича мулоқотни фаоллаштириш ва “Макон ва йўл” ташаббусига қўшилган мамлакатлар вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказишни таклиф қилди.
Президент Оролбўйи халқаро инновациялар маркази негизида “яшил” билим ва ечимларни трансфер қилиш бўйича илмий-ахборот платформасини ишга туширишни таклифини илгари сурди.
Давлат раҳбари Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида “Яшил” тараққиёт ва экология соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва академик алмашувни ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу борада Хитой ҳамда “Макон ва йўл” ташаббусининг бошқа иштирокчи мамлакатлари етакчи олийгоҳлари ва таълим марказлари шериклар сифатида иштирок этишлари мумкин.
Шунингдек, президент “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида “яшил” маданиятни ривожлантириш бўйича Глобал дастурни ишга туширишни ва унда этно-экологик фестиваллар, форумлар, мамлакатларимиздаги таниқли жамоат арбоблари, фан, бизнес ва маданият намояндалари иштирокида тақдимотлар ва тадбирларни ўтказишни назарда тутишни таклиф этди.
Шарҳлар