Шавкат Мирзиёев 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Стратегия қуйидагиларни таъминлайди:
– сунъий интеллект (Artificial Intelligence, AI) асосида яратилган дастурий маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш;
– ЯИДХПда сунъий интеллектга асосланган хизматлар улушини 10 фоизга етказиш;
– сунъий интеллект технологиялари билан шуғулланувчи 10 та илмий лаборатория очиш ва юқори унумли ҳисоблаш серверларини ишга тушириш;
– Ўзбекистонни ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индекси (Government AI Readiness Index) бўйича етакчи 50 давлат қаторига киритиш.
Рақамли ривожланиш вазирлиги қошида ташкил этилаётган AI ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази AI тизимларини экспертизадан ўтказиш билан шуғулланади. Молиялаштириш Рақамли технологияларни ривожлантириш ва стартапларда иштирок этиш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади. 2025 йил 1 январдан бошлаб Тикланиш жамғармаси AIни ривожлантириш учун фоизсиз кредит шаклида 50 миллион доллар ажратади.
AIни жорий этишнинг устувор йўналишлари қуйидагилар:
- банк-молия соҳасида – фирибгарликнинг олдини олиш, тўлов қобилиятини баҳолаш (скоринг), бозор прогнозлари;
- солиқ ва божхона соҳасида – яширин иқтисодиёт улушини камайтириш, шубҳали божхона операцияларини прогнозлаш, таваккалларни бошқариш;
- соғлиқни сақлашда – диагностика ва даволаш усулларини танлаш, тиббий тасвирларни таҳлил қилиш, бемор маълумотларини бошқариш;
- қишлоқ хўжалигида – ҳосилдорликни прогнозлаш, қишлоқ хўжалиги ресурсларини бошқариш, экинлар, паррандачилик, балиқ, чорвачиликни етиштириш мониторингини олиб бориш;
- энергетика соҳасида – энергия ресурсларини бошқариш, ишлаб чиқариш ва тақсимлашни оптималлаштириш, қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасини ривожлантириш ва уларга бўлган талабни прогнозлаш.
Шарҳлар