Шавкат Мирзиёев: 27 гигаватт қувватли қуёш ва шамол станцияларининг 500 миллион долларлик кабелга эҳтиёжи бор
Кимё саноатида талаб юқори бўлган маҳсулотлар учун зарур базавий хом ашёнинг деярли барчаси мамлакатимизда мавжудлиги, ушбу имкониятларни самарали ишга солиш зарурлиги қайд этилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
«Умуман, кимё соҳасида 3 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилгани маълум қилинди. Давлат раҳбари электротехника саноатида мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш масалаларига тўхталди. Келгуси йилда тармоқда 2 миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириш учун имконият ҳам, маҳсулотлар учун катта бозор ҳам борлиги таъкидланди», – дейилади хабарда.
Масалан, Саудия Арабистонининг “Аква Пауэр” компанияси билан 5 гигаваттли қуёш ва шамол станцияларини қуриш бўйича бошланган лойиҳалар учун кабель керак бўлади. Умуман, ҳозирда бошланган 27 гигаватт қувватли қуёш ва шамол станциялари лойиҳалари доирасида 500 миллион долларлик кабелга эҳтиёж борлиги қайд этилган.
Шу муносабат билан келгусида Оҳангарон саноат зонасида 120 миллион долларлик 5 та лойиҳани ишга тушириб, 25 минг тонна мисдан кабель ва 1,5 мингта трансформатор ишлаб чиқариш, Бухоро шаҳрида 120 миллион долларлик технопаркни ишга тушириб, 25 миллион долларлик маиший техникаларни маҳаллийлаштириш режалаштирилгани айтилди.
Шарҳлар