Шавкат Мирзиёев Астанада ўтказиладиган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммитида иштирок этади
Президентнинг жорий ҳафтага мўлжалланган иш режасидан турли масалаларга доир йиғилиш, тақдимот, учрашувлар ўрин олган. Бу ҳақда брифинг давомида президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Жумладан, ҳафта давомида давлат раҳбари Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишелни қабул қилади. Учрашув кун тартибидан Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлигини муҳокама қилиш ҳамда минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш ўрин олган.
Бундан ташқари, ҳозирда қатор хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
27 октябрь куни давлат раҳбари “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммитида иштирок этиш учун Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрига ташриф буюради.
Шу билан бирга, мазкур иш ҳафтасидан бошлаб ҳудуд раҳбарлари жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича Президент ҳузурида ҳисобот беришни бошлайдилар. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимидаги жорий ва келгуси устувор вазифалар юзасидан муҳокамалар режалаштирилган.
Шарҳлар