Bo'limsiz

Шавкат Мирзиёев қатор раҳбарларни ишдан бўшатди

Фото: пресс-секретарь президента страны

Президент Шавкат Мирзиёев ўзи раислигида инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилишида бир қатор раҳбарларни ишдан олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилади, деб ёзади “Газета” нашри.

Инвестицияларни жалб қилиш ва уларни ўзлаштиришда сусткашликка йўл қўйганликлари учун сув хўжалиги вазири ўринбосари Бахтиёр Камалов, транспорт вазири ўринбосари Абдусамад Мўминов, «Сувтаъминот» раҳбари Соҳиб Саифназаров, «Темир йўл» раҳбари Ҳуснутдин Хосилов ва «Автойўл» раҳбари Абдураҳмон Абдувалиев лавозимидан озод этилди.

«Ўзтўқимачиликсаноати» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ раиси Баҳодир Жўраев, «Ўзсаноатқурилишбанк» раиси Сахи Аннакличевга «ҳайфсан» эълон қилинди.

Бундан тўрт йил аввал «Тошкент-Самарқанд», «Тошкент-Андижон» пуллик йўллари ва «Тахтақорача» довонида пуллик тоннел қуриш топшириқлари берилган. Лекин на лойиҳа қилиш, на инвестор жалб қилиш бўйича ҳалигача амалий ишлар бошланмаган.

Қайд этилишича, бугунги кунда темир йўлда 2,5 мингта юк вагони етишмаслиги, мавжуд вагонларнинг 3,5 мингтаси эса таъмирталаблигига қарамай, уларни кўпайтириш, йўлларни модернизация қилиш учун бор-йўғи 16 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштирган. Шунингдек, хорижий инвестициялар ўзлаштириш ҳажми ўтган йилга нисбатан «Ўзавтосаноат»да 47 фоизга, тўқимачиликда 43 фоизга, қурилиш материалларида 31 фоизга камайган.

Шунингдек, айрим раҳбарлар ҳам аллақачон молиялаштиришга эга бўлган, бироқ “ташлаб қўйилган” лойиҳалар учун танқид остига олинган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.