Шавкат Мирзиёев Беларус Республикаси делегацияни қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни мамлакатга расмий ташриф билан келган Беларус Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталя Кочанова бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштириш, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида Наталя Кочанова давлатимиз раҳбарига Беларус Президенти Александр Лукашенконинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон Президенти жорий йил феврал ойида олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланаётгани, мулоқот ва алмашинувлар фаоллашаётганини мамнуният билан қайд этди.
Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, саноат кооперацияси лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда, ҳудудлараро ишбилармонлик алоқалари кучаймоқда, маданий-гуманитар дастур доирасидаги тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.
Шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтказилаётган парламентлар доирасидаги қўшма тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон Олий Мажлисидаги учрашувлар ва иккинчи аёллар бизнес форумининг самарали натижалари юксак баҳоланди.
Икки мамлакат ўртасида савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишлардаги ҳамкорликнинг аниқ лойиҳаларини илгари суришга қаратилган фаол парламентлараро мулоқотни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Шарҳлар