Шавкат Мирзиёев Душанбеда МО давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида қатнашади

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Ўзбекистон президенти 14-15 сентябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг навбатдаги, бешинчи Маслаҳат учрашуви ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида иштирок этади. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар беради.

Президент биринчи саммитда қатор муҳим ва долзарб таклиф ва ташаббусларни илгари суриши, минтақада савдо-иқтисодий, транспорт-логистика алоқаларини, “яшил” иқтисодиёт ва энергетика, сув ва экология соҳаларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларига қарши биргаликда курашиш каби масалалар юзасидан ўз нуқтаи-назарини баён қилиши кутилмоқда.

Маслаҳат учрашуви доирасида иқтисодий форум, олимлар форуми, фаол аёллар учрашуви, маданий дастур ва минтақа мамлакатларининг миллий таомлари кўргазмаси каби 12 та ёрдамчи тадбир режалаштирилган. 13 сентябрь куни саммит доирасида минтақадаги беш давлат транспорт вазирлари иштирокида йиғилиш ҳам бўлиб ўтади.

2017 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эди. Аввалги саммит 2022 йил июль ойида Қирғизистонда бўлиб ўтганди.

Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлиси пандемия сабабли танаффусдан кейин беш йил ичида илк бор ўтказилади. Саммит охирги марта Туркманистонда 2018 йилда бўлиб ўтган эди.

Саммитда ҳужжатлар тўплами имзоланиши режалаштирилган бўлиб, улардан энг муҳими давлат раҳбарларининг якуний декларацияси бўлади, – деди Шерзод Асадов.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.