Шавкат Мирзиёев – илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият биз учун устувор масаладир
Бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даражада шиддатли тус олмоқда. Айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида сўз бормоқда, деб хабар беряпти давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
“Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш албатта осон бўлмаяпти. Биз дунёдаги узоқ-яқин барча давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаяпмиз”, – деган давлат раҳбари.
Мамлакат ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарурлиги таъкидланган.
«Яқинда пойтахтимизда ўтказилган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги конференция жаҳон илм-фан ва маданий жамоатчилиги ўртасида катта қизиқиш ва эътибор уйғотди. Бу ишларни янада кенгайтириш ва янги босқичга кўтариш мақсадида Президент қарори қабул қилинади. Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий. Бу кимгадир ёқадими ёки йўқми, халқимиз жадид боболаримиз кўрсатиб берган йўлдан оғишмай бориши керак. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир», – деган Президент.
Шарҳлар