Шавкат Мирзиёев экспорт ҳажмини йилига камида 30% га ошириш зарурлигини таъкидлади

Фото: Пресс-служба президента

Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда инвестиция, экспорт ва саноат соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Президент мамлакат иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқиш учун экспортни йилига камида 30 фоизга ошириб бориш зарурлигини қайд этди.

Ўтган йили 2 та драйвер тармоқ ва 4 та ҳудудда 2022 йилга нисбатан экспорт ҳажмлари камайган. Экспортнинг 50 фоизи ҳанузгача 4 та бозорга тўғри келмоқда. Ёки хорижга товарларнинг учдан бир қисми хомашё сифатида сотилмоқда.

Шу муносабат билан Бош вазирга Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳамда 10 та туман ва шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий чора кўриш топширилди.

Мева-сабзавот экспорти учун хорижий давлатларнинг фитосанитар рухсатлари олинганига қарамасдан, улардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Масалан, Японияга 58 турдаги мева-сабзавотга фитосанитар рухсат олингани билан, 52 тури бўйича, Ҳиндистонга 38 тадан 32 таси, Покистонга 22 тадан 18 таси, АҚШга 15 тадан 11 таси бўйича экспорт бўлмади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари ўртасида маҳсулотлар экспортини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик йўқлиги танқид қилинди. Эндиликда агентлик нафақат фитосанитар рухсат олиш, балки қишлоқ хўжалиги экспортини ташкиллаштириш учун ҳам масъул бўлади. Бунинг учун карантин тизими, иш услуби ва ёндашувлари тўлиқ ўзгаради.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.