Шавкат Мирзиёев: Энг катта мактаб, энг катта тарбия – тарихнинг ўзи
31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни. Шу муносабат билан Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар йиғилди.
Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Аждодлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Элга ош тортилди.
Бу маросим Мустақиллик байрами билан ҳамоҳанг ўтиши, миллат ойдинлари ёдга олинишидан кўнгил энтикади. Бу Ватанга фидойилик йиллар ўтса-да қадрланиши, ҳеч бир эзгу иш изсиз кетмаслигини англатади.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшларни шу руҳда тарбиялаш ҳақида мулоқот бўлди.
– Мустақиллик байрами арафасида, бугунги тинчлик, эркинлик шароитида қаҳрамон боболаримизнинг пок номларини эслаш, табаррук хотираларига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шу боис дунёдан ўтган ватандошларимизнинг ҳам қадрини тиклаяпмиз. “Инсон – азиз, хотира – муқаддас” деган эзгу шиор ҳаётимиздан мустаҳкам жой олаяпти. Табаррук ёдгорлик мажмуалари бунёд этаяпмиз. Маърифатпарвар боболаримиз ҳақида бадиий ва илмий асарлар, кинофильмлар яратилмоқда. “Хотира” китоблари тайёрланмоқда. Халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Мана, сўнгги уч йил ичида 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номини оқладик. Бу нимани англатади? Бу – адолат синмаслигини, ҳақиқат барибир тантана қилишини англатади.
Ўтган йилги маросимда давлатимиз раҳбари жойлардаги қатағон қурбонларини аниқлаш, бу борада тадқиқотларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Шу асосида жорий йил 19 июл куни “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, бу ишларни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тузилиб, Мудофаа вазирлиги бошчилигида бир қатор мутасадди ташкилотлар бириктирилди.
Нима учун бу вақт танланди? Чунки 1938 йил 4-16 октябрь кунлари 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбус устидан ҳукм ўқилган. Энг етакчи шахслар қатл этилган. Улар орасида Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Худойберган Девонов каби етук зиёлиларимиз, Германияда ўқиб келган илғор мутахассислар, таниқли давлат ва жамоат арбоблари бўлган. Энг даҳшатли томони – улар 4 октябрда қатл этилган, ҳукм 5 октябрда чиқарилган.
– Бу сана халқимиз тарихидаги энг қайғули кунлардан биридир. Шунинг учун бу ҳафталикни катта тайёргарлик билан, бирдамликда ўтказишимиз керак, – дея таъкидлади Президент.
Ватан манфаати йўлида фидо бўлганларнинг охиратлари обод бўлсин, тинч-осойишта юртимизни Парвардигор ўз паноҳида асрасин, дея дуолар қилинди.
Шарҳлар