Шавкат Мирзиёев Конституцияга тузатишларни референдум йўли билан қабул қилишни таклиф этди

Источник: Шерзод Асадов

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституцияга тузатишларни референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар беради.

«Комиссия таклифи асосида Парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этаман», — деди президент 20 июнь куни Конституцияга ўзгаришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни шакллантириш бўйича комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувда.

Мирзиёевнинг қайд этишича, амалдаги қонунчиликка кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга.

«Лекин, конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман. Бу “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир” деган тамойилга тўла мос келади. Шунда ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур билан айта олади», — деди президент.

Шунингдек, Мирзиёев Ўзбекистон халқига мурожаат билан чиқди.

«Азиз юртдошлар, бугун нотинч дунёда, ўта таҳликали замонда яшаяпмиз. Мамлакатимиз тараққиётида ғоят масъулиятли даврни бошдан кечирмоқдамиз. Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган барча ислоҳотларимиз ҳар биримизнинг бугун ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришимизни таъминлашга қаратилган», — деди президент.

У Конституцияга киритиладиган барча тузатиш ва қўшимчалар мамлакатимизнинг 14 та ҳудудий бирлигидан иборат ягона давлатни, миллати ва элатидан қатъи назар, ягона ва қудратли Ўзбекистон халқини янада жипслаштиради ҳамда улуғвор мақсадлар сари сафарбар этишига ишонч билдирди.

Президент ўзбекистонликларни конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол қатнашишга чақирди ва давлат янгиланаётган Конституция моддаларини ҳаётда тўла қарор топтириш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этишини ваъда қилди.

Конституwиявий ислоҳот Мирзиёев томонидан ўтган йилнинг 6 ноябрm куни инаугурация маросимида эълон қилинган эди. Кейин у «конституциявий ислоҳотлар кўплаб давлатларда туб ўзгаришлар даврида амалга оширилганини» таъкидлади.

Кейинроқ президент янгиланган Конституцияда акс этиши керак бўлган асосий фикрларни айтиб ўтди. “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилининг конституциявий норма сифатида мустаҳкамланиши, ёшларга оид давлат сиёсатининг акс этиши, болалар меҳнатининг олдини олиш масалалари, экологик муаммолар, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва мавқейини мустаҳкамлаш ва бошқалар шулар жумласидандир.

Мирзиёев бугунги йиғилишда, жумладан, Конституцияда давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишни белгилаб қўйишни таклиф қилди.

“Конституциямизга Ўзбекистон барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшнилар билан тинчликсевар ва дўстона сиёсат юритиши, ташқи сиёсати инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳудудий яхлитлик тамойиллари ва нормаларини ҳурмат қилишга асосланишини назарда тутувчи моддани киритишни таклиф қиламан”, — деди президент.

Куни кеча Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев таъкидлаганидек, агар янги Конституция қабул қилинса, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти сайловида яна иштирок этиши мумкин.

Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган. У бир неча бор ўзгартирилган. Хусусан, президентлик муддати етти йилдан беш йилга қисқартирилди, авваллари давлат раҳбари эгаллаган Вазирлар Маҳкамасининг раиси лавозими бекор қилинди, бош вазир лавозими таъсис этилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.