Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда сувни тежовчи технологияларни жорий этиш марказини ташкил қилишни таклиф этди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) билан ҳамкорликда Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
“Ўйлайманки, қўшниларимиз ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлайди”, — деди у ОИИБ Бошқарув кенгашининг тўққизинчи йиғилишидаги чиқишида.
Мирзиёев бугунги кунда Марказий Осиё аҳолиси сони 80 миллион кишидан ошганини таъкидлади.
“Келгуси беш йилда минтақада ялпи ички маҳсулот ҳажми 700 миллиард долларга етиши кутилмоқда”, – деди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, Ўзбекистон президенти Марказий Осиёда йирик инфратузилма лойиҳаларига эҳтиёж кун сайин ортиб бораётганини таъкидлади. Бундан ташқари, минтақада озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурслари танқислиги муаммолари айниқса кескинлашмоқда.
“Ўзбекистон бу борада ўз стратегиясини ишлаб чиқди ва яқин беш йилда сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш ҳисобига 15 миллиард куб метр сувни тежаш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишга киришди”, — деди Мирзиёев.
Бироқ, сув муаммосини ҳал қилиш учун бутун минтақа давлатлари ва халқаро молия ташкилотларининг биргаликдаги фаолияти зарур, дея қўшимча қилади у.
ОИИБ Бошқарув кенгашининг икки кунлик йиғилиши 26 сентябрь куни давом этади
Шарҳлар