Шавкат Мирзиёев: «Ҳоким ёрдамчилари президентнинг маҳалладаги вакиллари ҳисобланади»

Источник: president.uz

15 январь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Аҳолини ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилишга катта ҳажмда кредит ва субсидиялар ажратилмоқда. Лекин, жойларда аксарият одамлар улардан бехабар десак, бу ҳам ҳақиқат. Шунинг учун ҳоким ёрдамчилари аҳоли билан ҳар куни ишлаб, уларга мавжуд шароитларни етказиши, тадбиркорлик ва деҳқончиликка ўргатиш орқали камбағалликдан чиқариши лозим», – деди президент.

Ушбу мақсадлар учун жорий йилда 10 триллион сўм имтиёзли кредит ва 2,5 триллион сўм субсидия (ҳар бир маҳаллага ўртача 1,3 миллиард сўм) ажратилиши маълум қилинди.

«Бир нарсани ҳамма аниқ тушуниб олиши зарур. Ҳоким ёрдамчилари – Президентнинг маҳалладаги вакиллари ҳисобланади. Уларнинг асосий вазифаси – ўз маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш,  камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтиришдан иборат. Бунинг учун ҳоким ёрдамчилари ҳар қандай бюрократиядан холи бўлиши, ҳеч қайси ҳоким ёки раҳбар уларни мажлисларга чақирмаслиги, турли ҳисоботлар билан “кўмиб ташламаслиги” лозим. Улар учун фақат шароит яратиб бериши керак», – дея қайд этади Шавкат Мирзиёев.

Жорий йил деҳқончилик учун ажратилаётган 80 минг гектар экин майдони ҳам биринчи навбатда юқорида қайд этилган тоифадаги оилаларга берилади. Шу орқали 500 минг аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш мумкин.

Мутасаддилар олдига экин ерларини ажратиш ишларини танқидий муҳокама қилиб бориш, аҳолини паррандачилик, қўй-эчкичилик, қуёнчилик, балиқчилик, асаларичилик билан банд қилиш учун етакчи тадбиркорларни жалб этиш, мавжуд имкониятларни ўрганиб, тадбиркорлар иштирокида маҳаллаларни инкубатор билан таъминлаш, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кафолатли сотиб олиш тизимини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда аҳоли мурожаатлари орқали жойлардаги вазият ўрганилиб, маҳаллалар қиёфаси ва ижтимоий муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Бу ишлар, аввало, иқтисодий ва ижтимоий аҳволи нисбатан оғир бўлган маҳаллалардан бошланади. Шу муносабат билан ушбу маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, ичимлик суви тармоқларини, боғча, мактаб, тиббиёт муассасалари, маданият марказларини таъмирлаш ва қуриш, бир сўз билан айтганда, одамларни рози қилишга устувор аҳамият бериш лозимлиги қайд этилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.