Шавкат Мирзиёев Олмалиқда “Ёшлик-1” конини бориб кўрди

Foto: prezident.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Олмалиқдаги “Ёшлик-1” кони ҳамда унинг негизида қурилаётган қиймати 4,6 млрд доллар бўлган 3-мис бойитиш фабрикасини кўздан кечирди.

Мазкур фабрика биринчи босқичда йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Бу орқали йиллига 917 минг тонна мис ва 2,5 минг тонна молибден концентратлари ишлаб чиқарилади. 5 минг 600 кишининг бандлиги таъминланади.

Фабрикада логистика жараёни ҳам қулайлаштирилади. Фабриканинг барча корпуслари орасида конвейерлар бўлади. Бу юк ортиш ва ташишни бартараф этиб, харажатларни қисқартиради.

Иккинчи босқичда қувват 160 миллион тоннага етади ёки бугунги кўрсаткичдан 3 баробарга кўпаяди. Ушбу икки босқич амалга оширилиши натижасида корхона 2028 йилга бориб йилига 400 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Шу тариқа Олмалиқ комбинати тоғ-кон металлургияси соҳасида дунёдаги энг йирик саноат мажмуаларидан бирига айланади. Келгусида комбинат ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар ҳажми 3 мартадан зиёд кўпайиб, унинг қиймати қарийб 8 миллиард долларга етади. 11 мингта янги, юқори технологик иш ўринлари яратилади.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати Ўзбекистонда рангли, нодир ва қимматбаҳо металлар қазиб чиқаришда етакчи ҳисобланади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.