Шавкат Мирзиёев қор кўчиши қурбонлари муносабати билан Тожикистон президентига ҳамдардлик билдирди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбари Тожикистон етакчисига мамлакатнинг жануби-шарқида қор кўчиши оқибатида инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий талафотлар кўрилгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.
Қайд этамиз, 15 февраль куни эрталаб Хоруғдаги турар-жой биноларида қор кўчкиси оқибатида 19 киши ҳалок бўлган. Шаҳар раҳбари Ризо Назарзоданинг сўзларига кўра, 16 киши, жумладан, 11 аёл, уч бола ва икки эркак Хоруғда, икки нафари Ванжда, яна бир нафари Душанбе-Варзоб автомобиль йўлининг 65-километрида ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, Ишкашим туманининг яна 2 нафар фуқароси бедарак йўқолган. Айни пайтда уларни қутқарувчилар қидирмоқда.
Назарзоданинг қўшимча қилишича, уйлари табиий офатдан жабр кўрган оилалар вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат ва энг зарур маҳсулотлар билан таъминланмоқда.
Бундан ташқари, қор кўчкиси хавфи остида бўлган аҳоли хавфсиз жойларга кўчирилган.
Кўчки оқибатида 4 та турар-жой биноси вайрон бўлган, яна 35 таси қисман вайрон бўлган, шунингдек 5 та хўжалик объекти ҳам зарар кўрган.
Шарҳлар