Шавкат Мирзиёев Паралимпиада ғолиблари ва совриндорларини мукофотлади

Фото: пресс-служба Президента

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди, дея хабар беради президент матбуот хизмати.

Тадбирда Миллий Паралимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон спортчилари 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида дунёда 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади.

Паралимпия ўйинлари – бу чинакам ирода, жасорат ва матонат, эзгулик ва гуманизм намойиши. Сиз юксак марраларни эгаллаб, мусобақаларнинг ҳақиқий қаҳрамонларига айландингиз. Ўзбекистон ўз спорт тарихида кўп-кўп ютуқ ва зафарларни кўрган. Лекин Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари бўлмаган эди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари музаффар спортчиларимизни номма-ном тилга олиб, матонатли ғалабаларини эътироф этди. Бу гал бироз омад етишмай, медаль ололмаганларни ҳам қўллаб-қувватлаб, келгуси мусобақаларда зафар ёр бўлишини тилади.

Маросимда қаҳрамон спортчиларнинг қаҳрамон ота-оналари, оила аъзолари ҳам олқишланди. Президент тажрибали мураббийлар, психолог ва бошқа мутахассисларга ҳам ташаккур изҳор этди.

Ўзбекистоннинг ўз матонат мактаби, шон-шараф мактаби бор. Бу мактабнинг чинакам бунёдкорлари сизлар, десак, айни ҳақиқат бўлади. Сизларнинг спортдаги, ҳаётдаги ютуқларингиз ёшларимиз учун куч-ғайрат манбаи, матонат ва ибрат намунаси, – деди Шавкат Мирзиёев.

Юртимизда спортни ривожлантиришда имконияти чекланган шахслар ҳам қўллаб-қувватланиб, уларга инклюзив шароитлар яратилмоқда. Бу борада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Адаптив спорт турлари ассоциацияси кўп ишлар қилмоқда.

Президент келгусида ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган спорт турларини янада кенгайтириш, уларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.