Шавкат Мирзиёев Париж Олимпиадаси иштирокчилари билан учрашув ўтказмоқда
Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви бошланди.
Давлат раҳбари ўғил-қизларни 33-ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, эришган улкан тарихий ғалабаси билан яна бир бор чин қалбдан самимий муборакбод этди.
“Дунёнинг 200 дан зиёд давлатидан 11 минг нафарга яқин энг машҳур спортчилар қатнашган ушбу нуфузли спорт анжумани биз учун том маънода рекордлар, мислсиз ютуқларга бой бўлди. Аввало, мазкур Олимпиадада Ўзбекистон биринчи марта энг кўп таркиб билан, яъни, 19 та спорт тури бўйича 90 нафар спортчи билан иштирок этганини таъкидлаш лозим. Айниқса, аёллар кураши, камондан ўқ отиш, сувга сакраш, футбол каби спорт турлари бўйича спортчиларимиз илк бор Олимпия ўйинларида қатнашганини алоҳида эътироф этиш керак”,
– деди Президент.
Олимпия медаллари, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдириши таъкидланди.
“Чиндан ҳам, сизлар ғоят кескин беллашувларда юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритганингиз мамлакатимизнинг тараққиёт борасидаги юксак салоҳиятини ифода этадиган ёрқин натижадир. Бу тарихий ғалаба Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этди”, – деди давлатимиз раҳбари.
Мамлакатимиз иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади.
Бу натижалар Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган ютуқ экани қайд этилди.
Шарҳлар