Bo'limsiz

Шавкат Мирзиёев президентлик сайловларидаги ғалабаси билан табриклар қабул қила бошлади

Фото: president.uz

Шавкат Мирзиёевнинг президент сайловидаги ғалабаси эълон қилингач, у қўшни ҳамда ҳамкор давлатлар раҳбарларидан табрикларни қабул қила бошлади. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар беради.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон  Шавкат Мирзиёевни сайловда қозонган ишончли ғалабаси билан қутлади.

Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқотида кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Озарбайжон раҳбари мамлакат етакчисини сайловдаги ишончли ғалабаси билан самимий табриклаб, дўст Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбари Ўзбекистон етакчисини ишончли ғалабаси билан дилдан қутлаб, унга янги муваффақиятлар, фаровонлик ва равнақ тилади. Мулоқотда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни янада илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Қозоғистоннинг биринчи президенти  Нурсултан Назарбаев ҳам Мирзиёвни “ишончли ғалаба” билан табриклади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг сайланган президенти Туркманистон миллий етакчиси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида Туркманистон етакчиси Мирзиёевни сайловда қозонган ишончли ғалабаси билан табриклаб, қардош Ўзбекистон халқига фаровонлик ва равнақ тилади. Шавкат Мирзиёевни Туркманистон президенти ҳам қутлади.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқотда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг бўлажак йиғилишига биргаликда ҳар томонлама тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида сўз борди. Суҳбат аввалида Туркия раҳбари ишончли ғалаба билан қутлади, сайловчиларнинг овоз беришдаги фаол иштирокини ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлади.

Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда мамлакат етакчиси давлат раҳбарини сайловда қозонилган ишончли ғалаба билан дилдан қутлади. Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ишбилармонлар ва ҳудудлар даражасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, фаол гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлиги ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.