Шавкат Мирзиёев Россияга иш сафарини якунлади
Шавкат Мирзиёев Москва шаҳрига амалий ташрифи доирасида Ғалабанинг 79 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.
Москванинг Қизил майдонида Ғалаба паради бўлиб ўтди. Унда Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Гвинея-Бисау, Лаос ва Куба президентлари ҳам қатнашди.
Тадбирдан сўнг Ўзбекистон ва Россия президентлари ҳамда бошқа давлатлар етакчилари Александр боғидаги “Номаълум аскар” ёдгорлигига гулчамбар қўйди.
Президентлар бир дақиқалик сукут билан аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Маросим якунида фахрий қоровул ва оркестр тантанали равишда саф тортиб ўтди.
Шу билан Россияга амалий ташриф якунланди. Аэропортда Шавкат Мирзиёевни Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Денис Мантуров ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Ўзбекистон раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.
Фотосуратлар: Президент матбуот хизмати
Шарҳлар