Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвилини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказиш доирасида мамлакатимизда бўлиб турган БМТ тизимидаги ушбу етакчи тузилманинг бош котиби Зураб Пололикашвилини қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беряпти.
Ўзбекистон туризм салоҳиятини ошириш бўйича БМТнинг ихтисослаштирилган институти билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Туризм тармоғини ислоҳ қилишда Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорига айланган ЮНВТО билан ҳамкорликда мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
«“Ипак йўлида туризм” брендини кенг ёйиш, жумладан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатимизга туризм йўналишларини оммалаштириш, малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди», – дейилади хабарда.
Мамлакатда ЮНВТО Бош Ассамблеясининг юбилей сессияси ўтказилиши, унинг доирасида Самарқанд шаҳрида Халқаро туризм академияси ва “Ипак йўли” тематик офисининг очилиши ҳамкорликнинг муҳим амалий натижалари бўлди.
ЮНВТО бош котиби Ўзбекистон Президентига туризм соҳасининг жорий йилги бош халқаро тадбири юксак савияда тайёрланиши ва ташкил этилишига кўрсатилган кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди.
«Форумда дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатидан юқори даражали делегациялар иштирок этаётгани глобал ва минтақавий туризм марказларидан бири сифатида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ортиб бораётганидан далолат экани таъкидланди», – дейилади хабарда.
Бош Ассамблея доирасида туризм соҳасидаги етакчи компаниялар, олий таълим муассасалари ва ташкилотлар иштирокида инвестиция ва таълим форумлари ҳам бўлиб ўтади. Улар якунида мазкур йўналишлар бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидани аниқ шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда.
Учрашув якунида юбилей сессиянинг асосий якунларини амалга ошириш учун қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Шарҳлар