Шавкат Мирзиёев ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди

Фото: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4-июл куни Остона шаҳрида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Эрон Ислом Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Муҳаммад Мухбир, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин ва ШҲТ Минтақавий акслитеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан очиқ фикр алмашилди, ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон раҳбари саммит иштирокчиларини қутлар экан, Қозоғистоннинг ШҲТга раислиги натижаларини юқори баҳолади, шунингдек, Беларусни ташкилотга аъзо бўлгани билан самимий табриклади.

Мамлакат етакчиси ушбу саммит халқаро вазият кескинлашаётган бир шароитда ўтаётганини қайд этди.

Янги вайронкор можаролар пайдо бўлмоқда, глобал ва минтақавий хавфсизликка таҳдид ва хатарлар кучайиб бормоқда. Бу давлатлар ўртасида ўзаро ишонч камаяётган, қарама-қаршилик ва рақобат ортиши натижасида геосиёсий кескинлик тобора ўсаётган вазиятда кечмоқда.

«Бундай мураккаб вазиятда ШҲТнинг асоси бўлган тамойилларга содиқлигимизни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш фавқулодда муҳимдир. Ана шу тамойиллар туфайли Ташкилот бугунги ютуқларга эришди, халқаро масалаларда юксак нуфуз ва барқарорлаштирувчи ўринга эга бўлди», – деди Шавкат Мирзиёев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.