Шавкат Мирзиёев табиий виноларга акциз солиғи бекор қилинишини эълон қилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 июль куни узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда табиий виноларга акциз солиғи бекор қилиниши қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида узумчиликни ривожлантириш, кўчат билан таъминлаш ва касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича Лойиҳа офислари ташкил этилиши белгиланди.

Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳамда бошқа илмий муассасаларнинг ерларида сертификатланган узум кўчатлари етиштириш йўлга қўйилади. Токзорлар барпо этиш ва эскиларини янгилашни рағбатлантириш мақсадида сертификатланган янги узум плантацияларининг ҳар бир гектарига 10 миллион сўмдан субсидия берилади.

Узумзорлар ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар ресурс ажратилади.

Токни фақатгина шпалерга кўтариш ҳисобига ҳосилдорликни 2-3 баравар кўпайтириш мумкинлиги қайд этилди. Буни қўллаб-қувватлаш мақсадида энди шпалер ўрнатиш харажатларининг 30 фоизгача қисми бюджетдан қопланиши белгиланди. Шунингдек, узумчиликда қўлланиладиган асбоб-ускуналар ва техникалар божхона тўловларидан озод этилади.

Давлат раҳбари узумни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришнинг тўлиқ циклини яратиш учун виночилик кластерлари ташкил этиш кераклигини таъкидлади. Уларга узумни қайта ишлаш, майиз қуритиш ва қадоқлаш ускуналарини сотиб олиш учун молиявий имтиёзлар бериладиган бўлди.

«Тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар келгуси йилларда экспортни янада ошириш учун ўзларининг аниқ режаларини белгилаб олишлари керак. Бундан буён, етиштирилган ҳосил 30 фоизигача экспорт қилинса, даромад ва мулк солиқлари 30 фоизга, экспорт 30 фоиздан ошса, 2 бараварга камайтирилади. Шунингдек, экспорт қилинган ҳар бир литр табиий вино учун, 5 минг сўм субсидия ажратилади», – деди Шавкат Мирзиёев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.