Шавкат Мирзиёев Туркий дунё хартиясини ишлаб чиқишни таклиф қилди
Амалий ташриф билан Астана шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди ва қатор таклифлар ва ташаббусларни илгари сурди.
Президент, хусусан, Туркий халқлар бирдамлигини, уларнинг буюк ўтмиши ва бой маданиятини, азалий қадриятларини ифода этадиган Туркий дунё хартиясини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилиб, ушбу молия муассасасини Тошкент шаҳрида жойлаштириш таклифи билдирилди.
Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган амалий ишларни тўлиқ маъқуллаб, Ўзбекистон президенти марказ имкониятларидан савдо тўсиқларини бартараф этиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтириш бўйича янги механизмларни кенг жорий қилиш, электрон савдо платформаларини ривожлантиришда унумли фойдаланиш зарурлигига эътибор қаратди.
Давлат раҳбари Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш, қўшимча кўп тармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатларимиз орқали ўтадиган йўлакларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш чора-тадбирларини қўллаб-қувватлади.
Шу билан бирга, ташкилотнинг Темир йўл идоралари кенгашини таъсис этиш ва бу тузилманинг дирекциясини Ўзбекистонда жойлаштириш таклиф этилди.
Экология соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида вазирлар даражасида доимий фаолият кўрсатадиган Туркий экология форумини тузиш ташаббуси илгари сурилди.
Ўзбекистон етакчиси ижодий фикрлайдиган, истеъдодли ва шижоатли ёшлар истиқболда туркий дунёнинг янги Ренессансини барпо этишига ишонч билдирди. Янгиликка интилиб яшайдиган, ташаббускор ўғил-қизларни рағбатлантириш учун Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очиш таклиф қилинди, дейилади хабарда.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик, бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ механизмларни ишлаб чиқишга чақирди.
Мажлисда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Венгрия, Туркманистон делегациялари раҳбарлари, ташкилот бош котиби ҳам сўзга чиқди.
Саммит якунида ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор битим ва қарорлар қабул қилинди.
Ташкилотга раислик Қозоғистон Республикасига ўтди.
Шарҳлар