Шавкат Мирзиёев Туркия президентини 70 ёши билан табриклади
26 февраль куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоғанни қутлуғ 70 ёшга тўлгани билан дилдан қутлади. Бу ҳақда Ўзбеекистон раҳбариниг матбуот хизмати хабар беради.
Шавкат Мирзиёев Туркия етакчисига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, биродар турк халқи ва давлатининг равнақи йўлидаги масъулиятли фаолиятида катта муваффақиятлар тилади.
Замонавий Туркиянинг барпо этилишида, глобал майдондаги нуфузи юксалишида, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларидаги бугунги юқори даражага эришилишида Президент Режеп Эрдоғаннинг ўрни ва ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Барча даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик суръати ошиб бораётгани катта мамнуният билан таъкидланди.
Давлат раҳбарлари олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини пухта тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Минтақавий, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шарҳлар