Журабек Рахимов Хоразм вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳрида Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши сессиясида қатнашди. Президент Хоразм вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Раҳимов Жўрабек Раҳимович номзодини тавсия этди.
Номзод вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, саноатни ривожлантириш, энергетика қувватларини ошириш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш, маҳаллада яшаш шароитларини яхшилаш бўйича режаларини тақдимот қилди.
Сўнг Хоразм вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Жўрабек Раҳимов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.
Айни пайтда сессияда вилоятни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинмоқда, келгуси режа ва вазифалар белгилаб олинмоқда.
Жўрабек Раҳимов ўтган йилнинг декабрь ойида ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. Хоразмнинг аввалги ҳокими Фарҳод Эрманов Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси этиб тасдиқланди.
Шарҳлар