Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ишсизликни қисқартириш йўлларини белгилаб берди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 декабрь куни ҳудудларда энергия таъминотини яхшилаш, аҳоли бандлигини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Келгуси йилги вазифалар муҳокама қилинар экан, давлат раҳбари тўртта асосий йўналишни кўрсатиб ўтди.
Биринчи йўналиш – пахта ва ғалладан бўшаган 100 минг гектарни аҳолига бўлиб бериш. Бу орқали 600 минг аҳолини доимий иш ва 900 минг кишини мавсумий даромад билан таъминлаш мумкин.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича 600 дан зиёд лойиҳа амалга оширилади. Халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинадиган 400 миллион доллар ҳам кўпроқ иш ўрни яратадиган лойиҳаларга йўналтирилади.
Пилла етиштирувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш мақсадида бу соҳа ҳам эркинлаштирилади. Энди пилла аҳолидан жаҳон биржаларидан кам бўлмаган нархда харид қилинади. Бу камида 500 минг аҳолини банд қилиб, даромадини 2-3 баравар ошириш имконини беради.
Иккинчи йўналиш – тадбиркорликни ривожлантириш. Бунинг учун ишсизлик кўп бўлган мингта маҳалла учун микро-марказлар ташкил этилади. Ҳудудлардаги 255 та марказий ва 274 та маҳаллалараро кўчалар савдо-хизмат кўчаларига айлантирилади. Автомобиль йўллари бўйида 3 мингдан ортиқ ер майдонларини аукционга чиқариш ҳам сервис соҳасида янги иш ўринлари учун катта имконият бўлади.
Шу боис тадбиркорлик учун бўш ерлар ва объектларни савдога чиқариш бўйича топшириқ берилди.
Учинчи йўналишда саноат соҳасидаги имкониятлар кўрсатиб ўтилди. Хусусан, 8 миллиард долларлик 300 та йирик лойиҳа, саноат зоналарида 16 триллион сўмлик 1 минг 300 та лойиҳа натижасида юқори даромадли иш ўринлари пайдо бўлади. 536 та норуда кон аукцион орқали сотилиб, қурилиш материаллари соҳасида янги корхоналар ишга туширилади.
Умуман, инвестиция лойиҳалари ва маҳаллий саноатда жами 320 минг доимий иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.
Тўртинчи йўналиш – қурилиш соҳаси. Келгуси йили барча лойиҳалар доирасида 90 минг хонадонли уй-жойлар барпо этилиши мўлжалланган. Президент қурилиш соҳасида ишга қабул қилиш бўйича меҳнат шартномаларини соддалаштириш зарурлигини айтди. Бу норасмий сектордаги ишчиларнинг қонуний фаолиятга ўтишига йўл очади.
Шарҳлар